avatar
Куч
0.00
Рейтинг
0.00

ABDUMALIKXON Alisher Abdumalikovich

Мақолалар

Bunchalar kirsan ey pokiza yurak?!

Блог им. idrokuz
Туяқушдан “нега учмайсан”, деб сўрашса, “мен ҳайвонман”, деркан. “Унда нега ўзингни тутишинг ҳайвондекмас”, дейишса, “мен қушман”, деркан. Бир блоггер тенгдошимга “Қўлга қалам олибсизу, нега дадилроқ ёзмайсиз, десам мен иқтисодчиман”, дейди. Дадиллик ва журъатни носоҳавийликка буриб, гапни шунақа айлантирса ва яна камига блоггерлар чемпионлигига даъво қилса, “Унда опоғдодам бормилар бу ерга блог суқиштириб”, дегинг келаркан.

“Эмас осон бу майдон ичра турмоқ, Навоий панжасига панжа урмоқ”. Ҳа, ижод майдонида қалам кўтариб турмоқ, унга муносиб бўлмоқ жуда мураккаб, қийин ҳолат.Журналистика йўналиши соҳа тадқиқотчиларининг фикрича энг хавфли ўнта касбнинг биттаси. Ҳаммамиз ҳам ана шу “қил кўприк” устида эканмиз, синиб кетмаслик, оний умрда ўздан яхши ном қолдира олиш учун қўлига қалам олган ижодкорнинг юраги тоза ва катта бўлиши шарт. Бунинг тагида эса мардлик ётади. Соҳадаги мардликни камтарлик ва ўзи кабиларга ҳурмат, қалами ўзидан кучлироқ ҳамкасбларини эътироф қила билиш билан изоҳлайман. Шу ўринда ўз камчиликларини тан ола билиш ҳам керак. Масалан мен, ҳалигача беихтиёр имло хато ўтказаман, грамматикада ҳам оқсаган ҳолатларим учрайди. Мияда фикрлар кўп аммо тарқоқ. Тизгинлашга қийналаман. Аммо муҳими, мавжуд камчиликларимни тўғирлаш баробарида фикримни баёнлаш, ўз қарашларимни ўз қаламим орқали ҳимоя қила билишимда, деб ўйлайман. Мустақил позициясига эга бўлиш инсоннинг эътиқодидан далолат беради.


bunchalЮтуқларига маҳлиё бўлиш аввало ижодкор табиатига хос. Дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган ўрдак ҳам шу қалам аҳли. Барчаси ўзи учун бир олам. Аксариятида эса дилгирлик кайфияти аск этади. Гўё дунё ундан қарздор, ҳеч ким уни тушунмайди, телбалар орасида якка ақл соҳиби ўзи. Уларнинг кўпчилигида нафақат бошқалар ўз ҳамкасбларнинг ютуқларига нисбатан ҳам нафрат, кўролмаслик хислари кўпчиб туради. Ўзича чиройли ташбеҳлар қилган ҳолда ҳамкасбининг ажойиб ғийбатини қилаётган қаламкашларни кўрганмисиз? Балки бундай йиғинчалар иштирокчиси ҳам бўлгандирсиз. Шу соҳада бўлсангиз, кўп кўргансиз, биламан. Ишонч хосил қилишни истаганлар учун эса, ана “сквер” – Мустақиллик майдони. Бир томони “газетний”, бир томони “журналний” зданялар. Метродан чиқишингиз билан ёзувчилар уюшмаси ҳам бўларди аввал…Пойтахтда қалами орқали нон топаётган кишиларнинг асосий қисмини шу атрофда учратасиз. Сатрлари билан хаёлида дунёни забт этиб бўлиб, турмуш аталмиш майда эрмак учун шунчаки ишга келиб кетаётган даҳолар макони. Уларнинг аксарияти моддий тақчилликни емишдан тақаво қилишга менгзаб, тушликда кайфият учун бир пиёла “ваҳдат майи” билан кифояланадилар. Ҳа, дарҳақиқат уларнинг кўпчилигида чинакам даҳоликка етарли истеъдод бор. Аммо дағал дунё нозик қалбларига сиғмаётгани учун ҳам уларнинг истеъдодлари бир қараганда тушунарсиз изтиробларга қоришиб, йўқолиб боради.


bunchalar2222


Ўз устозларим орасида ҳам минг афсуски шу тоифага мансублари борлиги менда ачиниш ҳиссини уйғотади. Шогирдлари ичида уларнинг йўлидан кетаётган ёш истеъдод эгалари эса инчунун. Барча соҳаларда ҳам бир-биридан ўзишга интилиш бор. Лекин ижод аҳли орасидаги кўролмаслик иллати, ўзидан аввалги ўтганларнинг фазилати қатори салбиятларини ҳам мужассамлаштириш, фикрий қарамлик ва ёки “доҳиёна қайсарлик” каби носоғлом қарашлар келажак авлодларни заҳарлайди. “Қачон халқ бўласан, эй сен оламон”, дея дунёдан кўнгли ярим ўтган Чўлпоннинг ҳам умуммаънода айтган бу сатрлари аслида ўз доирасига ҳам тегишли эди. Усмон Носир, Абдулла Қодирий, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Фитрат, Мақсуд Шайхзода, Боту, Рафиқ Мўмин каби боболаримизнинг заволида ўз доирасидаги замондошларининг имзолари ҳам аҳамиятли бўлганлигини тарих вароқларидан ўқиганмиз.Халқ шоирлари, ёзувчиларимиз ва ҳатто айрим журналистларимизни бугунда дунё аҳли танийди. Лекин тан оладими? Адабиёт йўналишида “Нобел” мукофотигача Ўрта Осиёдан Чингиз Айтматовгина етиб борди. Қардош даҳони камситмаган ҳолда айтмоқчиман, нима бизда “Қиёмат”, “Жамила”, “Оқ кема” каби асарлар ёзилмадими ёки ўз асарида юксак ғояларни илгари сурган адибларимиз йўқми?..Албатта, бор! Керагидан ҳам кўп, ҳатто. Аммо тасаввур қилинг, жаҳон адиблари қўмитаси халқаро даражадаги мукофотга Ўзбекистондан биргина номзод кўрсатишларини сўраб, ёзувчилар уюшмасига расмий мурожаат қилди. Нима бўлади?.. Томошани ўшанда кўрасиз. Ҳамма бир-биридан зўр, ҳамманинг ижоди бир-биридан аъло. Ҳеч ким ҳеч кимга йўл бергиси келмайди.Ғайрлик, кўролмаслик, шубҳа ва тарқоқлик бор экан, миллий публицистиканинг ҳар қандай соҳаси бўлмасин умумжаҳон даражасида кўтарила олмайди. “Еврей еврей-да” деймиз яҳудийларни. Аслида улардан ўрнак оларли жиҳатларимиз ҳам кўп…“Мастлик ростлик”, дея бекорга айтишмаган. Ўн йилдан зиёд вақт ўтган бўлсада бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Мактаб ўқувчисиман. Барчамиз билган халқ шоиримизнинг туғилган куни тадбирида “Дўрмон”да чой ташиш хизматидаман. Айни базм авжига чиққан пайтида атрофдан ўзига бошқа овунчоқ тополмаган бир халқ ёзувчимиз мени олдига чорлади. Мусиқанинг авжидан овози яхши эшитилмагани учун у киши елкамга қўлини қўйиб, мени ўзига тортди ва бир қўли билан саҳнага ишора қилиб, “дил ёрди”: “Бу одам… Бу одам, одам эмас! Нега бунча мақтайдилар уни! У ҳеч ким эмас-ку, аслида. Бунча ҳурмат, бунча эътибор нега?”.


bunchalar111Тўғри, ўшанда севимли ёзувчимиз ҳушёр ҳолатда эмасди. Унинг бу сўзлари замирида кўролмасликдан анча юқори турувчи ва мен ўшанда тушунишим мумкин бўлмаган ҳиссиётлар яшириндир, эҳтимол. Ҳозир у киши орамизда йўқ. Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин. “Нобел” олмаган бўлсада, у кишининг ўлмас асарлари миллий адабиётимизда то абад ўрин олганлигига ишонаман.Айтмоқчи бўлганим эса, буюклар орасида кузатган бу ҳолатимни кейинчалик фаолиятим давомида ҳам кўп кўрдим. Ижодингга биргина илиқ фикр ёки камчилигингни юзингга айтиб, аниқ айбингни исботлаб бериб, дўстона маслаҳат берадиганлардан кўра ҳеч бир изоҳ бермай, истеъдодингни нолга тенглайдиган ва ёки орқангдан тош отадиганлари кўпроқ учрар экан.Ўн тўрт ёшимда энг катта устозим Озод домла Шарафиддинов билан учрашганимда, у киши болаларча ёзган қораламаларимни кўзда кечириб, “Янада кўпроқ китоб ўқисанг, тил ўргансанг, сендан адабиётчи чиқиши мумкин”, деган эдилар. Буюк мунаққиднинг ана шу “мумкин” дея билдирган фикрлари менинг кейинги ҳаёт йўлимни белгилаб берди. Ўша пайтда Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ўз бағриларига олиб, илк шеърий китобимга оқ йўл бериш баробарида камчиликларимни бирма-бир кўрсатиб, кейинчалик менга жуда ас қотган катта сабоқ бердилар. Тўгаракда севимли ёзувчимиз Тоҳир Маликдан олган дарсларимдан ҳам беҳад миннатдорман.


Шу ўринда, ўн тўрт-ўн беш ёшида лицей ётоқхонасида яшаб, хаваскор сифатида вақтли матбуотга ёзганлари ортидан “қалам ҳақи” олиб, пойтахтда мустақил яшаётган гўдак Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”идан таъсирланиб тақризлар ёзсаю, ўзига ҳали бегона бўлган бу оламнинг маълум маънодаги дарғалари, муҳаррирлари қўлёзмани унинг юзига отишса, буни қандай изоҳлаш мумкин? Бу ёшдаги гўдак ҳатто жиноят қилган тақдирда ҳам қамамайдилар-ку?!.Бугун ижод, бугун журналистика янги босқич остонасида. Муҳит кўринмас кишанлардан деярли ҳоли. Имконият тақдим этилган. Ундан қандай фойдалана олиш эса фикри тиниқ, эътиқоди мустаҳкам, юраги катта биз қаламкашларнинг ўзимизга боғлиқ. Фақат бу янги остонага оқ ва кенг кўнгил, шукр ва фикр, мустаҳкам ишонч ва эътиқод каби фақат ижобий ҳислатлар билан қадам босайликки, ҳасад, кўролмаслик, қўрқоқлик каби тушкун кайфиятлар ортда қолсин.Асосли гапларни ёзаётган қалам эгаси турли таъна-дашномлардан қўрқиши керак эмас. Чўчидими, умуман ёзмай қўяқолгани фойдалироқ. Адабиётдаги ўртамиёналик маддоҳлик, ўқувчининг вақти ва қоғоз уволидан ўзга нарса эмас.Айтиш керак гапни айта олсак, янги давр бошлай олсак, аслида бизга “Нобел” ҳам керак эмас.


Аlisher ABDUMALIKXON,


IDROK.UZ uchun maxsus.

Тил: Олий мажлис чақириш керак!

Блог им. idrokuz

 Матбуот жамиятдаги асосий маънавият ташвиқотчиси, интернет журналистикаси эса бунда инчунун экан, ҳар қандай муаммони аввало ўздан қидириш жоиз. Кузатишларимиз натижасида  маълум бўлдики, «.uz» миллий ўй ҳудудида фаолият юритаётган мингдан ортиқ виртуал нашрларнинг ярмидан кўпининг номланиши ҳорижий сўзлардан тузилган.


            «Gazeta.uz», «afisha.uz», «podrobno.uz», «anons.uz», «12news.uz», «pressnews.uz», «news24.uz», «publika.uz», «utro.uz», «myday.uz», «sreda.uz» ва бошқа юзлаб сайтлар бунга мисол бўла олади. «Lex.uz», «mover.uz», «torg.uz» каби фаолият йўналиши бошқа бўлган сайтларни ҳозирча қўятурайлик, хоҳ она тили ёки чет тилида бўлсин Ўзбекистон янгиликларини ёритиш билан шу мамлакат ичида шуғилланаётган ОАВ сайтларига наҳотки ўзбекча муқобил ном топилмаган бўлса?! Хабар тарқатиб, нуқтаи-назар билдириб, халққа маънавият зарраларини улашаётган, www.uz тармоғи сара кўрсаткич(топ рейтинг)и ва жаҳон «ўргимчак тўри»да ўзининг маълум ўрнига эга бу ОАВларнинг муштарийга танилиши ва уларнинг ёдида сақланиши бевосита шу ном билан боғлиқ-ку! Чиройли эшитилиши, кўпчиликка маълум сўзлиги юзасидан кенг оммани тезроқ ўзига жалб қилиш учун йирик ОАВ корхонасининг ҳорижий сўз билан аталиши аслида манфаат юзасидангина танланган, ҳамда ватанпарварлик дея ҳаммадан ҳам унинг ўзи кўп такрорловчи ақидаси олдида жудаям ғайришуурий бўлган ҳол. «Matbuot.uz», «batafsil.uz», «yangilik.uz», «tagxat.uz» деб ҳам аташ, муқобили топилмаганида тилшунос – мутахассисга мурожаат қилиш ҳам мумкин. Исталган турдаги корхонанинг фаолиятини ўзида акс эттира оладиган, кўпҳам фойдаланмаганимиз учун қулоққа бироз ғалати эшитилса-да, маҳно-моҳияти кенг ва гўзал бўлган шундай сўзларимиз ҳам борки, уни фақат топа билиш керак. Ривожланган мамлакатлар луғатидаги сўзлар улар ривожланган бўлгани учунгина қулоққа жарангли эшитилади. Бу кетишда биз қачон улардек бўламиз, қачон ривожланамиз?.. Тил ривож топмас экан, халқ ва унинг маданияти, маърифати қандай ривожлансин?


Шу ўринда, Америкалик файласуф ва ёзувчи Жорж Сантаянанинг «Сўз – қурол: душман сўзини ишлатсанг, бу назарий жиҳатдан ҳам, сиёсий жиҳатдан ҳам хавфлидир», дея айтган бироз қўпол фикрини, юмшатиб тушуниш тўғри бўлади.


Тилни миллат кўзгуси билиб, унга жуда кичик ўринлардаги эътибори орқали ҳам жило бераётган «daryo.uz», «sayyod.uz», «darakchi.uz», «хаbar.uz», «kun.uz», «оlam.uz», «holva.uz» каби тармоқлар ҳам борки, номининг ўзиданоқ келажаги кўринмоқда уларнинг.


Шу ўринда интернет журналистикасидаги ҳамкасбларимизга яна бир мулоҳаза ва маслаҳат: саҳифани тўлақонли сайт сифатида ривожлантириш истагида бўлсангиз, уни ҳеч қачон исм-шариф билан номламанг. Ҳаттоки, Барак Обаманинг ҳам ҳақиқий расмий сайти ўз исми билан номланмаган. «Ман-ман»лик – тараққиёт заволи. Халқ сизнинг эмас, эзгу ва умумбашар ғояларининг атрофидагина бирлашади, фикрлар бир нуқтада кесишади. Мисол келтириб, эътироз билдиришга уринманг, артист ва масҳарабозларнинг йўриғи умуман бошқа. Ахир Сиз ахборот одамисиз, жиддий шахссиз!


Бугун ана шу жиддий шахслар ўртасига жиддий таклиф ташламоқчимиз: давлат тили билан боғлиқ нутқимиздаги камчиликларни бартараф этиш учун аниқ ечимни кўрсатиш, амалий ҳаракат қилиш пайти келди.


Корхоналар номланишига масъул бўлган Давлат статистика қўмитаси, реклама эълонлари билан шуғулланувчи юқори ташкилотлар, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари каби фаолияти она тилимиз билан бевосита алоқадор ташкилотлар учун, тил тўғрисидаги – янги таҳрирдаги – Ягона қонун лойиҳаси юзасидан Олий мажлис чиқириш керак.


pano


Унга кўра, депутатлар муҳокамаси ва қонунчилик палаталарига «IDROK.UZ» қуйидагиларни таклиф қилади.


  1. Янги ташкил қилинаётган корхона ва ташкилотларнинг номи ўзбек тилининг имло луғатида бўлиши шарт қилиб белгилансин. Сўз корхона фаолиятини тўла акс эттирса, муқобилини топишнинг имкони бўлмаганида ваколатли орган руҳсати билангина алтернатив сўзлардан фойдаланилсин. Шу кунга қадар ҳорижий номда фаолият юритиб келаётган корхона ва ташкилотлар бир йил муддат ичида аталишини, доира ва тўртбурчак муҳрлари ҳамда корхона номи билан боғлиқ барча маълумотларни янгиласин. Чет эл инвестицияси асосида фаолият кўрсатаётган ўзга номдаги корхона ва қўшма корхоналар аталишига ҳам мавжуд ҳорижий сўз билан бирга фаолият тури билан боғлиқ ўзбек тилидаги атама-сўз қўшилсин.


а) ишлаб чиқарилаётган озиқ овқат ва ноозиқовқат маҳсулотларининг ҳам маҳсулот белгиси ўзбекча аталиши тегишли органлар томонидан белгилаб қўйилсин.


  1. «Реклама тўғрисидаги», «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги» Ўзбекистон республикаси қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, унга кўра кенг жамоатчилик эътиборидаги рекламанинг барча турларидаги сўзларда имло хато ёки гап тузилишидаги қўпол услубий хатолар учун тақдим этувчи ҳамда эълон қилувчи субъектларга жарима жавобгарлиги белгилансин.

  2. Бошланғич синф ўқувчиларининг она тили ва ўқиш дарсларини чуқур билмга эга, миллий адабиётимиз яхши биладиган соҳа мутахассисларигина олиб бориши ва уларнинг фаолият мониторинги Халқ таълими вазирлиги томонидан «Соғлом бола йили» давлат дастури асосида таъминланиб, янада кучайтирилсин.

  3. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан юқори таълим тизимида ўқитилаётган барча талабалар ва асосан она тили ўзга тилли гуруҳлардаги талабалар учун ўзбек тилининг ўқитилиши кучайтирилган назоратга олинсин.


а) Давлат тест маркази қабул комиссияси олий таълим муассасаларига имтиҳон топшириш истагида бўлган абитуриентнинг ўзбек тилидаги оғзаки ва ёзма нутқи қониқарли даражада бўлганидагина ҳужжатлар қабулини амалга оширсин. (Имконияти чегараланган болалар бундан мустасно).


5. Ушбу қонун ижросининг таъминланаётгани, ўзбек тили билан бевосита ёки билвосита боғлиқ жамиятдаги муаммолар, корхона ва ташкилот раҳбарлари томонидан тилга нисбатан учраётган нописанд муносабатларни танқидий руҳда, фелетон шаклида мунтазам ёритиб бориш ОАВ ходимлари зиммасига юклатилсин.


 


Юқоридагилар шунчаки бизнинг мулоҳазалар аммо бундаги масала шунчаки эмас. Муболаға билан бўлса-да, ОАВни тўртинчи ҳокимият мақомида атаётган эканмиз, давлатнинг бош ислоҳотчи сифатида амалга ошираётган ишларида, жамиятнинг келажак билан боғлиқ энг асосий муаммоларини ечишда матбуот аниқ фикр билдириши, жилла қуриса, маслаҳат бера олиши бугунда аҳамият касб этмоқда.


Куни кеча давлат телеканалида «Нигоҳ» номли кўрсатув эфирга узатилиб, тил муаммосининг айрим кўринишлари муҳокама этилди. Лекин айтиш керакки, бу каби чиқишлар самара бермаяпти. Йигирма беш йилдирки, ҳар қанча уринмайлик, масаланинг аҳамияти йўқолмай аксинча, кўлами кенгаяётгандек.Биз, чайнала-чайнала муштарийнинг меъдасига тегиб, ҳамон муваққат ечими топилмаган оғзаки ва ёзма нутқимиздаги ширу шакар, шаҳду шакар жумлалар масаласини яна замон ёшлари билан боғлаб, моҳиятдан улоқмай аниқ ташхисни айтдик холос. Она тилини ўзлаштиришдаги камчилик ва ундаги муаммолар ҳақида ёзилавериб, шу кунгача ўнлаб олим доктор бўлгандир. Янада чуқурроқ кирилса, юзлаб доктор академикка айланиши ҳам мумкин.


Қуруқ гаплар гаплигича – ўз жойида қуриб қолавермаслиги учун муаммо ечимида Қонундан ўзга чора йўқ.


2014 йил, 2-март. Тошкент.


IDROK.UZ.


batafsil: http://idrok.uz/2014/03/02/til-oliy-mazhlis-chaqirish-kerak/